Конвенция лойиҳасининг тарғиботи

“Ер ресурсларини бошқариш” факультети маърузалар залида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар ўртасида БМТнинг “Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисида” ги конвенция лойиҳаси тарғиботига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Давра суҳбатини факультет декани Ш.Нарбаев кириш сўзи билан очиб берди ва ушбу давра-суҳбатига таклиф этилган меҳмон, Тошкент давлат юридик университети профессори - О.Муҳаммеджоновга сўз берди. О.Муҳаммеджонов ўз маърузасида юртбошимизнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида иштирок этиб, бугунги глобаллашув жараёнида ёшларга оид давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган муҳим халқаро ҳуқуқий ҳужжат — “Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенция ишлаб чиқишни таклиф қилганлигини ва  мазкур ташаббус замирида дунё ёшларининг фаровон ҳаётга мустақил қадам қўйишга бўлган истагини кўриш мумкинлигини айтиб ўтди.

Шунингдек, “Ёшлар ҳуқуқлари тўғриси”да халқаро конвенция ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сургани бу борадаги янада бир муҳим қадам бўлди. Маълумки, БМТда 1989 йилда бола ҳуқуқлари бўйича конвенция қабул қилинган эди. Бироқ ёшлар ҳуқуқлари тўғрисида ўйлаб кўрилгани ҳам йўқ эди. Айтиш жоизки, бугун дунёда бўлаётган турли жиноятлар, терроризм, бузғунчилик ҳаракатлари асосан 30 ёшга етмаган ёшлар томонидан содир этилаётгани сир эмас. Бундай бузғунчиликлар баъзи манфур кучлар томонидан бошқарилаётгани, ёшларнинг улар домига билиб-билмай, ўз ҳақ-ҳуқуқларини тушунмай илиниб қолаётганини давлатимиз раҳбари атрофлича асослаб, таҳлил қилиб бераркан, ёшлар келажагини ҳимоя қилиш борасида қатор таклифларини илгари сурганини айтиб, ҳозирги пайтда дунё аҳолисининг икки миллиардини ёшлар ташкил этиши, демак, жаҳон ёшларининг ҳақ-ҳуқуқлари бугун ҳимоя қилинмас экан, эртага дунёнинг келажаги хавф остида қолишини таъкидлади.

Маърузачи сўзи сўнгида талабаларга мурожаат қилиб, “Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисида” ги конвенция лойиҳаси ҳақида фикр-мулоҳазалари ва таклифларини сўради. Ушбу  лойиҳа мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган ғамхўрликнинг ўзига хос ифодаси эканлигини ва бугунги кунда  яратилаётган кенг имкониятлар ҳар бир ёшни ўз устида тинимсиз изланишга, юрт равнақи учун хизмат қилишга ундашини айтди.

Тадбир сўнгида талабалар томонидан берилган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар берилди. Факультетнинг ёшлар билан ишлаш бўйича декан муовини Ҳ.Эшова тадбирни якунлар экан, тадбирда иштирок этган мутахассисларга факультет маъмурияти ва талабалари номидан миннатдорчилик билдириб, бу каби давра суҳбатларини тез-тез ўтказиш фойдадан холи бўлмаслигини таъкидлади.

ЕРБ факультетини Ёшлар билан ишлаш бўйича декан муовини Ҳ.Эшова ахбороти

Институт матбуот маркази Раҳимбой Жуманиёзов